Замонавий тиббиётнинг энг жиддий чақирувларидан бири — дори воситаларига чидамли микроорганизмлар билан курашишдир. Бу йўналишда олиб борилаётган илмий изланишлар нафақат инфексион касалликларни даволашда, балки уларнинг олдини олишда ҳам катта аҳамият касб этади.
Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институтининг 3-курс таянч докторанти Муродова Ижобатхон айнан шу йўналишда изланиш олиб борди. У Микробиология ва вирусология ихтисослиги бўйича тайёрлаган PhD (фалсафа доктори) диссертацияси доирасида йирингли касалликларни келтириб чиқарувчи микробларнинг маҳаллий штаммларини чуқур ўрганди.
Лаборатория шароитида олиб борилган тадқиқотлар давомида ушбу микроорганизмларнинг турли дори воситаларига нисбатан шакллантирган чидамлилик даражалари аниқланиб, уларнинг сабаблари таҳлил қилинди. Бу эса келгусида аниқ ва самарали даволаш усулларини танлаш имконини беради.
Илмий ҳимоя жараёнида соҳанинг етук олимлари, тажрибали устозлар ва ёш тадқиқотчилар иштирок этди. Улар томонидан мазкур тадқиқотнинг илмий ва амалий аҳамияти, шунингдек, унинг соғлиқни сақлаш тизимидаги қўлланилиши юзасидан муҳим фикр ва тавсиялар билдирилди.