ТОШВЗИТИ ВАКИЛЛАРИ ХИТОЙНИНГ ЙИРИК “KPC PHARMACEUTICALS” ЛАБОРАТОРИЯЛАРИДА
Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти вакиллари Хитойнинг етакчи фармацевтика корхоналаридан бири — “KPC PHARMACEUTICALS” компанияси лабораторияларига ташриф буюришди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “KPC PHARMACEUTICALS” — Хитой Халқ Республикаси ва халқаро миқёсда фаолият юритадиган йирик фармацевтика компанияси бўлиб, у асосан ўсимлик асосидаги дориларни тадқиқ этиш ва уларни ишлаб чиқариш, маркетинг ва улгуржи савдосини йўлга қўйган. Компания нафақат анъанавий рецептларни замонавий технологиялар билан уйғунлаштиради, балки халқ табобати меросини илмий асосда қайта тиклаш бўйича ҳам илғор ишланмаларни олиб боради.
Ташриф давомида ТошВЗИТИ жамоаси компания лабораторияларида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари, замонавий технологиялар ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди. Мутахассислар билан ўзаро фикр алмашилди, ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Куннинг иккинчи ярмида эса делегация, Хитойнинг халқ табобати анъаналари мужассам бўлган махсус музейга йўл олди. Бу ерда доривор гиёҳлар, табиий ўсимликлар ва уларнинг шифобахш хусусиятлари, турли давр ва ҳудудларга хос даволаш усуллари бўйича бой маълумотлар тақдим этилди. Ўсимликларни қуритиш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнлари ҳамда табиат инъомларидан тиббиёт соҳасида оқилона фойдаланиш имкониятлари ҳақида сўз борди.
Бу ташриф ТошВЗИТИ ҳамда “KPC PHARMACEUTICALS” ўртасида келажакда ўзаро фойдали илмий ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини йўлга қўйиш, шунингдек, халқ табобати ва замонавий фармацевтика ютуқларини уйғунлаштиришда улкан замин яратади.