ТошВЗИТИ олимлари ҳам иштирок этган, фармацевтика ва биотехнология соҳасидаги йирик илмий грант учун мавзулар танлови старт олмоқда
29–30 май кунлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида муҳим илмий-амалий йиғилиш бўлиб ўтди.
Мазкур йиғилишда махсус илмий кенгаш тузилиб, унда юртимиздаги етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ҳамда фармацевтик ва биотехнологик тадқиқотлар билан шуғулланувчи ташкилот олимлари томонидан таклиф этилган лойиҳа мавзулари муҳокама қилинди.
Йиғилишдан кўзланган асосий мақсад — фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш, ёш тадқиқотчиларни жалб этиш ва соҳа учун долзарб илмий ечимларга йўл очишдан иборат.
Грант танлови Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан қўллаб-қувватланади. Ташаббус замонавий илмий ечимлар асосида фармацевтика салоҳиятини ошириш ва аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлашга хизмат қилади.