ТОШВЗИТИ ТАШАББУСИ: ЖУРНАЛ МАҚОЛАЛАРИ УЧУН ЯНГИ ИЛМИЙ МАЙДОН
Тошкент Вакцина ва Зардоблар Илмий-Тадқиқот Институти ташаббуси билан, дунёга машҳур илмий платформа — JoVE (Journal of Visualized Experiments), яъни Визуал тажрибалар журналининг Қозоғистондаги вакили Азги Алмамедова институтга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Қозоғистонлик вакил томонидан JoVE платформасининг имкониятлари, унда мақола чоп эттириш тартиби ҳамда халқаро илмий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан тақдимот ўтказилди.
Мазкур учрашувда ТошВЗИТИнинг бир қатор илмий ходимлари иштирок этиб, JoVE платформаси орқали ўз илмий ишланмаларини халқаро миқёсда кенг ёритиш ва тарғиб этиш имкониятлари билан яқиндан танишдилар.
Айниқса биология, фармакология, тиббиёт ва кимё соҳаларида мақолаларни интерактив, визуал ва тушунарли шаклда чоп этиш бугунги замонавий илм-фан ривожининг муҳим омилларидан бири сифатида эътироф этилди.
Маълумот ўрнида: JoVE — бу илмий экспериментлар ва назарияларни видеотасвир асосида аниқ ва тушунарли шаклда тақдим этувчи биринчи халқаро илмий журнал бўлиб, бугунги кунга келиб 1800 дан ортиқ университетлар томонидан фаол фойдаланилмоқда.
ТошВЗИТИ мазкур ташриф орқали ўз илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, илғор илмий журналлар билан бевосита ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда халқаро тажрибани кенг жорий этиш йўлида навбатдаги муҳим қадамни ташлади.